"Фан Ва Тараққиёт" ДУК

Biz haqimizda

1992 йилда Тошкент политехника институтининг 1980 йилдан буён фаолият юритган "Композицион ва полимер материаллар" илмий-тадқиқот бўлими негизида Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг қарори билан "Фан ва тараккиёт" илмий-технологик мажмуаси ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил "Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ юридик шахс сифатида сақланиб қолган ҳолда "Фан ва тараққиёт" Илмий-технологик мажмуаси ТошДТУ таркибига ўтказилди. 2007 йили ТДТУ тассаруфидаги "Фан ва тараккиёт" давлат унитар корхонаси (ДУК) қайта ташкил этилди ва ЎзФА академиги С.С. Негматов унинг раиси этиб тайинланди. 2016 йилда "Фан ва тараккиет" ДУК раиси этиб т.ф.д., профессор Н.С. Абед тайинланди.

Корхонанинг мақсади ва вазифаси механика ва технология, физика, кимёвий соҳаларда маҳаллий ва иккиламчи хом ашёлар асосида турли саноат, қишлоқ хўжалиги еҳтиёжлари учун фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказиш, самарали технологияларнинг илмий асосларини яратиш ва уларнинг натижаларини амалга оширишдан иборат. Докторантура ва таянч докторантура орқали, шунингдек мустақил изланувчилар орасидан илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш.

Корхонанинг илмий йўналишлари:

  1. Композицион материаллар кимёси ва технологияси.
  2. Материалшунослик ва янги материаллар технологияси.
  3. Ноорганик композицион материаллар кимёси ва технологияси.
  4. Қора, рангли, нодир ва камёб ер металлар технологияси.
  5. Композит ва кимёвий реагентларнинг механокимёвий технологияси.
  6. Антикоррозион материаллар ва техноген чиқиндиларни қайта ишлаш технологияси.

Айни пайтда асосий штатдаги 68 нафар ходимлар (1 та ЎзР ФА академиги, 10 та фан доктори, профессор, 12 та фан номзоди, доцент ва 22 та илмий ходимлар) жамоаси “Фан ва тараққиёт” ДУКдаги мавжуд 6 та илмий лабораторияларда илмий фаолият олиб бормоқдалар. Шу билан бирга, корхонада 24 та таянч докторант (PhD) ва 8 та докторант (DSc) ҳамда 40 та мустақил изланувчилар илмий изланишлар олиб борадилар.

Корхона олимларининг фаолияти махаллий ва иккиламчи хомашёлар асосида замонавий илмий-техник тараққиёт давр талабига жавоб берадиган физик-механик ва эксплуатацион хоссаларга эга бўлган кўпфункционалли, юқори мустахкам, барқарор, ташқи таъсирга бардошли, экологик зарарсиз  ва бошқа муҳим амалий хоссаларга эга бўлган композицион ва нанокомпозицион материаллар, янги технологиялар, инновацион ишланмалар ҳамда махсулотларни яратиб, металлургия, нефтъ ва газ, кимё, қурилиш, тўқимачилик, машинасозлик саноатлари ва қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа саноатларга тадбиқ этишга қаратилган.  Олиб борилаётган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар натижасида маҳаллий минерал, иккиламчи чиқинди хомашёлар асосида органик ва ноорганик композицион материаллар, кимёвий реагентлар, лок-бўёқ материаллари, препаратлар кимёси, физикаси, механикаси ва технологияси борасида уларнинг самарадор турлари ишлаб чиқилиб, саноатнинг турли тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги учун илмий асослари, таркиби ва технологиялари яратилиб, ишлаб чиқаришга жорий қилиб келинмоқда.

Масалан, 2013 йилда “ОКМК” АЖга жорий этилиб, ҳозирги  кунгача қўлланилиб келинаётган мис ишлаб чиқаришнинг чиқиндисиз энергия ва ресурс тежамкор экологик тоза технологияси йилига 20,1 млн. АҚШ доллари миқдорида иқтисодий самара бермоқда. Бир йилнинг ўзида 792,58 т мис, 43,39 кг олтин ва 10,915 т кумуш олиниб, “Олмалиқ ТМК” АЖга қўшимча даромад келтираяпти.

Бундан ташқари, “ОКМК” АЖда мис ишлаб чиқариш жараёнида мисни олиш учун 2,5 тонна қимматбаҳо флотореагент Россиядан валюта хисобига сотиб олинади. “Фан ва тараққиёт” ДУК олимлари томонидан унинг ўрнига 1,5-2 марта арзон  махаллий ва иккиламчи хомашёлар асосида янги КХФ-ВС маркали композицион кимёвий флотореагент ишлаб чиқилиб, “ОКМК” АЖда ўтказилган синовда ижобий натижага эришилди. Ҳозирги кунда яратилган технология асосида Тошкент вилояти Қибрай туманида  флотореагентни ишлаб чиқариш учун қуввати йилига 2,5-3 тонна бўлган завод қурилиб, ишга туширилмоқда.

Корхона олимлари томонидан ишлаб чиқилган композицион кимёвий реагентлар ва улар асосидаги бурғулаш эритмалари  “Узбекнефтегаз” АЖ тасарруфидаги 10 та  қудуқларга жорий этилиб, ҳозирги кунгача қўлланилиб келинмоқда.

“Худудгазтаъминот” АЖга қарашли корхоналарда қўлланиладиган машина ва механизмларида “Фан ва тараққиёт” ДУК олимлари томонидан ишлаб чиқилган антикоррозион композициялар ишлаб чиқариш шароитида синовдан ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғриси” 2020 йил 11 майдаги 274-сон қарорига асосан “Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказилган “Илмий ташкилотларнинг 2020 йилдаги илмий-инновацион фаолияти натижалари рейтинги”да “Фан ва тараққиёт” ДУК 6-чи ўринни эгаллади корхонада фаолият олиб бораётган олимларнинг салохияти юқорилигидан далолат беради.

Эришган илмий натижаларимизнинг салмоғини “Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан республикадаги 118 та академик ва илмий ташкилотлар орасида  ўтказилган  “Илмий ташкилотларнинг 2022 йилдаги илмий-инновацион фаолияти натижалари рейтинги”да “Фан ва тараққиёт” ДУКни 17-чи ўринни эгаллаганлиги ҳам кўрсатиб турибди.

“Фан ва тараққиёт”ДУК олимлари нафақат республикамиздаги, балки чет элдаги олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтлари билан ҳам алоқалар ўрнатган  бўлиб, хозирги кунда ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. НАТОнинг “Тинчлик ва хавфсизлик учун фан” дастури асосида бажарилаётган 2023-2026 йилларга мўлжалланган, “Экологик хавф ва соғлиққа зарарни камайтириш учун кўпфункционаллаи акустик композитлар” - МYP G6006 (“Акустические многофункциональные композиты для снижения экологических рисков и вреда здоровью”-МYP G6006) мавзусидаги лойиҳа шулар жумласидандир.

“Фан ва тараққиёт” ДУКда докторлик илмий даражасини берувчи DSc.03/30.12.2019.К/Т.03.01 рақамли илмий кенгаш фаолият олиб бориб, ушбу илмий кенгашда нафақат корхона тадқиқотчилари, балки республикадаги олий таълим институтлари ва илмий тадқиқот муассасалари  изланувчилари томонидан фан доктори ва фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертация ишларини ҳимояси амалга оширилади. 2022-2023 йилларда 36 та фалсафа фанлари доктори (PhD) (31 таси корхона тадқиқотчилари) ва 4 та корхона изланувчилари фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун диссертация  ҳимояси амалга оширилди ва ОАК томонидан тасдиқланиб, тегишли дипломларга эга бўлдилар.

1998 йил 14 октабрда ЎзР Давлат нашриёт қўмитасининг 00105-сонли лицензияси бўйича "Фан ва тараккиёт" ДУКда "Композицион материаллар" Ўзбек илмий-техник ва ишлаб чиқариш журнали ташкил этилган.  Журнал йилига 4 маротаба нашр этилади. Унда кимё, физика, механика ва композицион материаллар технологияси соҳасидаги материалшунослик муаммоларининг ҳозирги ҳолати ёритилади.